Мазкур мақолада узоқ муддатли молиявий инвестициялар тушунчаси. Уларнинг аҳамияти ва моҳияти, узоқ муддатли молиявий инвестицияларни ҳисобга олишнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари, бухгалтерия ҳисобида тан олиш ва баҳолаш, шунингдек, уларни киримга олиш ва ҳисобдан чиқариш тартиблари ҳамда қайта баҳолаш масалалари кенг тадқиқ этилган. Узоқ муддатли молиявий инвестициялар ҳисобини такомиллаштиришда уларни счётларда акс эттириш ҳамда халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш юзасидан илмий таклиф ва тавсиялар берилган
Ушбу мақолада Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимининг шаклланиш босқичи, унинг миллий хусусиятлари ва халқаро моделлар билан ўзаро муносабати таҳлил қилинган. Мамлакатимизда корпоратив бошқарув амалиёти бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида шаклланаётганлиги, қонунчилик базасининг етарли даражада такомиллашмагани, корпоратив маданият ва хулқ-атвор анъаналарининг ҳали ривожланиш босқичида эканлиги алоҳида таъкидланган. Мақолада корпоратив бошқарувнинг англо-саксон ва Континентал Европа (Германия) моделлари, шунингдек, Япония, Исломий ва бошқа альтернатив ёндашувлар мисолида корпоратив бошқарув тизимларининг асосий тамойиллари, тузилмалари, афзаллик ва камчиликлари солиштирма таҳлил қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда шаклланаётган корпоратив бошқарув моделидаги ўзига хосликлар икки поғонали кенгаш амалиёти, банклар ролининг устуворлиги, "олтин акция" амалиёти каби жиҳатлар ёритилган. Мақолада корпоратив бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, халқаро стандартлар ва миллий амалиётни уйғунлаштириш, корпоратив маданиятни шакллантириш ҳамда корпоратив хулқ-атвор кодекси қабул қилиш зарурати бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган. Шунингдек, муаллиф корпоратив бошқарув тизимларининг конвергенция тенденцияларини кўрсатиб, Ўзбекистон учун самарали ва рақобатбардош миллий моделни шакллантиришнинг долзарб масала эканлигини асослаб беради